Ёки Тошкентнинг инқилоб арафасидаги кўринишини олайлик. Худди ўзи. Унда тахминан тасвирланган жойлар йўқ. Хаммасини Ойбек кўрган, неча марталаб кезиб чикқан кўчалар, гузарлар, расталар...
Роман тили ниҳоятда ўзбекона.
«Қутлуғ қон»нинг муваффақияти Ойбекка қанот берди. Кўп йиллардан бери дилига тугиб қўйган, унча-мунча бобларини хомаки ёзиб қўйган «Навоий» романига тайёргарлик кўра бошлади.
Навоийга алоқадор нимаики бўлса барини синчковлик билан ўрганди.
Ҳирот харитасини олдига қўйиб, кўҳна шаҳар кўчаларини хаёлан неча марталаб кезиб чиқарди. Навоий замондошлари, уларнинг шоир ҳақида айтган гаплари, сарой зиддиятлари, дўстлари ва душманлари, подшоҳнинг беқарор ўйлари, бари-бари Ойбек хотирасига ўрнашиб қолди. Буюк шоир ёзган жами асарларни қунт ва сабот билан ўрганиб чиқди.
Ана шундан кейингина Навоий қиёфаси бир бутун ҳолда кўз олдида пайдо бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида шиддатли жанглар кетаётган пайт. Радио ҳар тонг дилларни вайрон қилгувчи хабар тарқатади. Киев қўлдан кетди. Смоленск остоналарида шиддатли жанглар давом этмоқда. Ленинград ҳамон қуршовда. Почтачилар «қора хат» тарқатиш билан банд.
Ойбек Навоий романи устида тинимсиз ишлайди. Кечаси ҳам, кундузи ҳам ёзади.
Тошкентда одам кўпайиб кетган. Уруш бўлаётган жойлардан қоп орқалаб келаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Москва ҳамда Москва остоналаридаги заводлар кўчириб келтирилган. Нон етишмайди. Электр энергияси ҳам камайган. Харбий заводлар электр қувватини сўриб қўймоқда. Ҳатто трамвайлар ҳам кеч саоат ўн бирдан кейин юрмайди. Тошкент кўчаларини кечалари чароғон қиладиган лампочкалар қисқартирилган.
(
Давомини ўқиш
)