(Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан суҳбат)
Муҳаммад ака, яқинда Президентимизнинг қўлларидан Халқ шоири унвонини олдингиз, авваламбор, юксак унвон билан табриклаймиз.Агар истасангиз, суҳбатимизни кейинги кўнгил кечинмаларингиз билан бошласак...
Биласизми, қайси соҳада бўлмасин, меҳнатингизни озгина бўлса-да қадрлаб, баракалла деб елкангизга уриб қўйишса, бу-- катта бир далда бўлиши турган гап. Менинг ҳам кимгадир керагим бор экан, деб кўнгилдан ўтказасиз, руҳланасиз-да! Камтарин ижодимни шу қадар юксак унвон билан тақдирлаганлари учун жуда миннатдорман. Менинг ютуғимдан фахрланиб, кўнгли осмон бўлиб юрган яқинларим, биродарларимни кўриб янада шодланаман.
Юзга кирган момом бор.
Унинг қувонганини кўрсангиз эди… Кўзларига ёш олиб қутлади. Нуроний юзларидан мингдан — минг рози эканликларию янги-янги тилакларни уқиб олиш осон эди.
Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон сизга янада катта масъулиятлар юкласа керак?..
Албатта. Бу — билдирилган ишонч демакдир.Бундан кейин яна ҳам қаттиқроқ ишлашга ундайдиган «оғайни, энди бўш келмагин» дейиш билан баробар.
Шеърни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Сизнинг-ча, шеър нима?
Шеър, бу — ширин дард, азоб. Шоир шу дард бемори. Юракдаги ўша шеър қоғозга тушмагунча баъзида уйқу келмайди.Уни ёзиб битирганингдан кейинги роҳат бошқача бўлади. Яхши китоб ўқисангиз мазза қиласиз-ку! Энди бир илиқ жумла топиб олишни тасаввур қилиб кўринг.Катта-катта асарларнинг яратилишига ҳам биргина жумла сабаб бўлиши табиий. Бир шеърни қоғозга тушира олмай ойлаб қийналиб юриш мумкин, лекин бир куни «ажойиб кунларнинг бирида» мақсад рўёбга чиқади ва ўқиб туриб қувониб кетасиз. Баъзилар борки, мен ёзолмай қоляпман, мажбуран бўлса-да, ёзиб турмасам, "қўлим чиқиб кетади" дейишади. Мен бунга асло қўшилмайман.Ўзим кўнглим буюрмагунча ёзмайман ҳам.
(
Давомини ўқиш
)