Ўйиндан ўт чиқмасин, ўйинчоқдан дард!

Ўйинчоқ шунчаки овунчоқ воситаси эмас. Эндигина шаклланаётган бола онгининг дунёни англаши, тасаввур этишида уларнинг аҳамияти жуда катта. Бу эса фарзандларимизга ўйинчоқлар танлашда янада эътиборли бўлишни талаб этади. Зеро, ўйинчоқлар нафақат ташқи кўриниши, шаклу шамойили билан балки кимёвий таркиби, гигиеник сифати билан ҳам келажагимиз эгаларига зиён етказмаслиги керак. Бу қатъий талаб мамлакатимизга четдан келтирилаётган болалар ўйинчоқларига ҳам бирдек тааллуқлидир.

Маълумки, аҳолининг болалар ўйинчоқларига бўлган эҳтиёжи нафақат ички имкониятларимиз орқали, балки, ташқаридан ушбу маҳсулот турларини импорт қилиш орқали ҳам қондириб келинмоқда.
Болалар ўйинчоқларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки, энг аввало келажагимиз эгаларининг саломатлигини асрашга ва уларни сифати кафолатланган ўйинчоқлар билан таъминлашга хизмат қилади. Аммо, юртимизда тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни менсимаган ҳолда амалдаги тартибларга зид равишда болалар ўйинчоқларини ноқонуний равишда олиб киришга уринаётган қонунбузарлар ҳам йўқ эмас.

Бугунги кунда болалар ўйинчоқларининг асосий қисми Хитойда ишлаб чиқарилади ва яроқсиз ўйинчоқларнинг энг катта улуши ҳам айнан шу давлатга тегишлидир. Боз устига, бу турдаги маҳсулотларни тайёрлашда хитойлик “ишбилармон”лар табиий хомашёлардан эмас, балки маиший ва зарарли чиқиндилардан фойдаланишади.
Кўриниб турибдики, Хитой билан географик жойлашувимизнинг яқинлигини инобатга олсак, Ўзбекистон ҳам сифатсиз ўйинчоқлар муаммосидан холи эмаслиги аён бўлади. Яратилаётган шарт-шароитлар, ташқи иқтисодий фаолиятдаги имтиёзлардан фойдаланган ҳолда айрим “тадбиркор”лар мўмай даромад илинжида яроқсиз болалар ўйинчоқларини ноқонуний равишда юртимизга олиб киришга уринишмоқда.

Хўш, сифатсиз ўйинчоқлар муаммосининг салбий оқибатлари айнан нимада намоён бўлади?

Бугунги глобаллашув жараёнининг таъсири “қўғирчоқ” саноатини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Шу сабаб ҳозирда дўконларда дунёнинг исталган бурчакларида ишлаб чиқарилган ва деярли барча “замонавий” қаҳрамонларни ўзида акс эттирган ўйинчоқларни учратиш мумкин: Шрэк, Ўргимчак одам, Соҳибжамол ва маҳлуқ, Барби ва хоказо.
Энди ўйинчоқларнинг кимёвий таркиби ва бола саломатлигига таъсири ҳақида икки оғиз сўз. Бугун бозорларда ноқонуний равишда айланма йўллар орқали олиб кирилган ва аксарияти зарарли материаллардан тайёрланган ўйинчоқлар ҳам учраб турибди. Мутахассисларининг фикрича, дунё бозорларида сотилаётган қарийб 60 фоиз ўйинчоқларнинг сифати деярли назорат қилинмас экан. Бу каби зарарли предметлар билан мулоқотда бўлиш эса ўз навбатида боланинг саломатлигига салбий таъсир ўтказиши муқаррар.

Сифатсиз ўйинчоқнинг болаларга етказиши мумкин бўлган хавфини менсимаслик хунук оқибатларга олиб келади. Болалар ўйинчоқларини сотиб олишда уларнинг кимёвий таркиби эътибор бериш лозим бўлган энг муҳим омил ҳисобланади.
Масалан, ўйинчоқдан ўткир кимёвий ҳид таралмаслиги керак. Бу ўйинчоқ ишлаб чиқаришда сифатсиз пластмасса ва резиналардан фойдаланилганини англатади. Юмшоқ ўйинчоқлар эса асосан кимёвий-синтетик толалардан тайёрланади. Бу ҳам камлик қилгандай, ўйинчоқларнинг мустаҳкам бириктирилмаганлиги боис уларнинг майда бўлакларини болакайлар бемалол паққос туширишлари хавфи мавжуд.

Экспертларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатди-ки, ўйинчоқнинг ранги унинг хавф даражасини аниқлашда муҳим роль ўйнайди. Ўйинчоқларнинг ранг-баранг ноодатий ва табиий бўлмаган, жудаям ёрқин ва тўқ тусда бўлиши уларни таркибида заҳарли кимёвий элементларга бой бўёқлар билан бўялганини билдиради. Кадмий ва қўрғошин тузлари каби оғир металларни ўз таркибига олган бўёқлар эса жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Буёқ таркибида учрайдиган формальдегид, фенол, феноксил, метил, изобитурат каби заҳарли моддаларнинг даражаси баъзида 30% гача етади. Бу эса асло мумкин эмас! Бу каби “сюрприз”лар энг кичик ёшдаги болакайларнинг ўйинчоқларида жуда кўп учрайди. Табиийки бола унинг рангига қизиқиб, мазасини татиб кўргиси келади. Оқибатда заҳарли моддалар жигар, ошқозон-ичак, буйрак йўлларига тушади ва ҳали тўла шаклланмаган бола организмига секин-аста салбий таъсирини ўтказа бошлайди. Жумладан, турли тошмалар, шишлар каби аллергик хуружлар кузатилади. Бу турдаги ўйинчоқлар энг аввало, бола руҳиятига ва кўриш қобилиятига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Яроқсиз ўйинчоқлар билан ўйнаш оқибатида болада кўнгил айниши, кўз остининг кўкариши, ланжлик ва сустлик келиб чиқиши мумкин.

Шу ўринда, сифатсиз болалар ўйинчоқлари туфайли АҚШ ва Хитой ўртасида бўлиб ўтган можароларни эсга олсак. Айни пайтда океан ортига етказиб бериладиган ўйинчоқларнинг 80 фоизи Хитой улушига тўғри келади. Ҳа-я, юқорида таъкидлаганимиз, ўйинчоқ саноатида турли ахлатлар хомашё базаси эканлигини инобатга олсак, АҚШдаги маиший чиқиндиларнинг асосий қисмини сотиб олаётган Хитой уларни болалар ўйинчоқлари шаклида яна “сеҳрли диёр”га қайтараётгани шубҳасиз!

Хитойликларнинг маълумотига кўра, АҚШнинг сифат бўйича назорат ташкилотлари шу пайтга қадар Хитойда ишлаб чиқарилган ўйинчоқлар билан боғлиқ 29 та ишни кўриб чиқишган. Улардан бири ўтган йилнинг июлида Хитойнинг жанубида ишлаб чиқарилган ўйинчоқлар партиясининг ранги ҳаддан зиёд орттирилганлиги учун қайтариб юборилиши бўйича очилган эди. 2009 йилнинг августида Қўшма штатларнинг таниқли Fisher Price компанияси таркибида яроқсиз материаллар бўлган номаълум бўёқ билан бўялганлиги учун 1 миллиондан ортиқ ўйинчоқларни ортига қайтариб юборди.

Европаликлар ҳам яроқсиз, контрафакт ўйинчоқлар кўламининг кенгайиб бораётганлигидан жиддий хавотирда. Европа Иттифоқи бу муаммони махсус қонун йўли билан таъқиқлади. Эндиликда контрафакт ўйинчоқларни тарқатганлик учун 4 йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки 300 минг евро жарима солиш жазоси қўлланилади. Шунингдек, нафақат бу турдаги маҳсулотларнинг ўзига, балки уни тайёрлашда ишлатилган хомашё ва тайёр материалларга ҳам, етказиб бериш ва сотиш шароитига ҳам алоҳида сертификатлар жорий этилган.

Юқорида бугуннинг ўйинчоқларида ўз аксини топаётган, болалар тарбиясида тариқча ижобий роль ўйнамайдиган ва аслида оммавий маданият маҳсули бўлмиш бир қатор қаҳрамонлар санаб ўтилди: Шреэк, Ўргимчак одам, Соҳибжамол ва маҳлуқ, Барби ва ҳоказо. Аммо, биз бу рўйхатни бошқача давом эттиришни жуда-жуда истардик: Алпомиш, Зумрад ва Қиммат, Эгри ва Тўғри, Уч оғайни ботирлар, Меш полвон, Хўжа Насриддин…

Қолаверса, нафақат саломатлик учун хавфсиз, кимёвий таркиби жиҳатидан сифатли балки, болалар онгига, руҳиятига салбий таъсир ўтказмайдиган ва энг муҳими, рақобатга чидамли ўйинчоқлар ишлаб чиқариш учун республикамизда барча имконият ва шарт-шароитлар етарли. Бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жонбозлик ва ташаббус кўрсатсалар кифоя.

Ҳусен Тангриев
(Мақолани тайёрлашда интернет материалларидан ҳам фойдаланилган)
  • +5
  • 26 август 2010, 11:11
  • husen

Изоҳлар (10)

RSS ўгириш / айлантириш
+
0
O'yinchoqlarning bola ma'naviyatiga ta'siri haqida qisqach to'xtlib o'tibsiz. O'zimizda chiqayotgan milliy o'yinchoqlardan faqatgina suvenir sifatida foydalanish mumkin. Bola qo'lidan tushib ketsa salginaga sinib ketadi.
avatar

nigora

  • 28 август 2010, 15:03
+
+1
Juda to'gri aytib o'tibsiz.Hozirda milliy o'yinchoqlar judayam sifatsiz va bir zumda chiqindiga aylanib qolayapdi.
avatar

suxa

  • 28 август 2010, 17:28
+
0
Sifatsz, chiqindiga chiqishi-ku mayli, narxi juda qimmat. Milliy uslubda ishlangan bitta kichkinagina qo'g'irchoqni 35 ming so'mga xarid qildim. Har qanday ota-onaning bunday xaridga imkoniyati yo'q bo'lsa kerak. 35 mingga milliy sifatsiz, chidamsiz ishlangan qo'g'irchoqni xrid qilgandan ko'rsa 2 mingga Xitoyda ishlab chiqarilgan, sinmaydigan Barbini farzandiga olib beradi. :(
avatar

nigora

  • 28 август 2010, 17:56
+
0
Айни шу далилингиз хам мазкур масаланинг накадар долзарб эканлигини курсатиб турибди.
avatar

husen

  • 28 август 2010, 18:10
+
0
Ха, миллий уйинчоклар буйича умумий тасаввурни узи йук хали. Таъкидланганидек, миллий киёфада яратилган эсдалик сувенирларни шартли равишда уйинчоклар деб кабул киляпмиз. Аммо, миллий киёфадаги кугирчокларни саноатлашган тартибда ишлаб чикаришни йулга куйиш керак. Албатта кул мехнати асосида тайёрланган кугирчоклар барибир киммат булиши мумкин.
avatar

husen

  • 28 август 2010, 18:08
+
0
Болалигимизда қирқ кокилли ёки сочи иккита ўрилган Зуҳра, Гўзал исмли қўғирчоқлар ишлаб чиқариларди. Кийимлари ҳам маликалардек тикилган, зарчўпон, кўйлак, лозимдан иборат эди. «Семурғ» номли ўйинчоқ ишлаб чиқариш комбинати бўларди. Ҳозир эса ўйинчоқ ишлаб чиқариш саноати издан чиққан.
avatar

nigora

  • 28 август 2010, 18:15
+
0
Ўзимизда ишлаб чиқаргандан кўра хориждан олиб келинганлиги арзон тушда ўн баробар. :)
avatar

nigora

  • 28 август 2010, 18:20
+
+1
Bir paytlar «Ehtiyot bo'ling multfilm!» degan ko'rsatuv berib qoluvdi. O'shanda o'yinchoqlar ham xavfli bo'lishi mumkinligini bilib hushyor tortdik. Bir kuni jiyanimga qo'g'irchoq olib bermoqchi bo'lsam, aynan reklamadagi sindilardan olishni xohlagandi. Keyin o'sha ko'rsatuvni esatganimdan so'ng, «kerakmas, unda» deb yoshiga mos bo'lgan o'yinchoqni tanlagan edi…

Yaxshi maqola ekan, rahmat. Hozirda milliy o'yinchoqlarimizni ko'paytirishimiz kerak deb o'ylayman.
avatar

kavsar

  • 28 август 2010, 17:12
+
0
Хитой уйинчокларидан кузимизни чирт юмиб, осонгина воз кечишимиз мумкин. Аммо, хамма хам шундай йул тутмайди. Уйинчокларни харид килмаслик бу муаммодан кутулиш йули дегани эмас! Таргибот-ташвикот йуллари билан тадбиркорларни ушбу сохага кизиктириш керак, уйинчок ишлаб чикарувчиларга турли иктисодий имтиёзлар жорий этиш керак
avatar

husen

  • 28 август 2010, 18:11

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.