Дискка кўчган "ғоя"лар

Ҳар ким ўз хоҳлаган динига эътиқод қилиш эркинлиги мамлакатимизнинг Бош қомуси билан мустаҳкамланиб қўйилган. Аммо, фуқароларга диний таъсир ўтказиш, уларни бир диндан чиқиб, бошқасига киришга ундаш, шу мақсадда турли диний мазмундаги адабиётларни тарқатиш ва бошқа хатти-ҳаракатларни амалга ошириш амалдаги қонунларга кўра мумкин эмас.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-1871 сонли Фармонининг 5 иловасига мувофиқ давлат қурилишига қарши, ҳудудий бирликни, давлат суверинети ва сиёсий мустақилилкни бузишга йўналтирилган, уришни, террорни, диний қарама-қаршиликни, миллатчиликни, расизм (антисемитизм, фашизм) пропаганда қилувчи қўлёзмалар ҳамда порнографик мазмундаги расмлар, фото, фотопленкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат — “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасида эса чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилиши таъкидлаб ўтилган.

Яъни, диний адабиётларни, олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан амалга оширилади. Бунда қўмита экспертлари бошқа давлатлардан республикамизга олиб кирилаётан диний мазмундаги медиа ва матбаа маҳсулотларини ўрганиб чиқиб, уларни республикамиз ҳудудида сотиш, тарқатиш ва намойиш қилиш юзасидан ҳал қилувчи хулосаларини беришади.

Аммо, айрим шахсларнинг мазкур тартибларга риоя қилмай, турли диний мазмундаги адабиётларни ноқонуний равишда республикамизга олиб киришга ундаётган сабаб нимада? Диний билимларни эгаллашга бўлган қизиқишми ёки қандайдир моддий манфаатдорлик?

Замонавий технологияларнинг шиддат билан ҳаётимизга кириб келиши ахборотнинг кенг қамровда қулай ва эркин ёйилишига хизмат қилмоқда. Аммо, танганинг иккинчи томони бўлгани каби, замонавий ахборот технологияларидан мўмай даромад илинжида ёки бошқа манфур мақсадлар йўлида фойдаланиб қолишга уринувчи кимсалар ҳам йўқ эмас. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудига таъқиқланган адабиётларни  электрон шаклда гўёки осонгина олиб ўтишга уриниш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Республикамиз божхоначилари томонидан диний адабиётларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши мунтазам чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Фарғона аэропортида божхоначилар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Москвадан учиб келган фуқаро З.Холмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) божхона кўригидан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефонининг флеш-картасида ҳамда 500 ГБ ҳажмдаги компьютер қаттиқ дискида 660 дан ортиқ диний мазмундаги электрон файллар мавжудлиги фош этилди. Матн ва аудио шаклдаги ушбу адабиётларда илгари сурилган ғоя ва қарашлар Фарғона Давлат Университетининг томонидан тақдим этилган хулосаларга кўра, экстремистик руҳдаги даъватлар эканлиги  аниқланди.

Шунингдек, ушбу рейс бўйича учиб келган яна бир “йўловчи” Д.Умиров ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари олдида ер чизиб қолди. Боиси, унга тегишли мобиль телефоннинг 1 ГБ ҳажмли флеш картасида 22 дона диний мазмундаги аудио материаллар борлиги аниқланди. Экспертиза хулосаларига кўра, мазкур диний адабиётлар “Вахобийлик” диний оқимига дахлдор ақидапарастлик ғоялари билан суғорилган экан.

Марҳамат туманининг Қирғизстонга чегарадош ҳудуди орқали яширин равишда юртимизга киришга уринган фуқаро О.Абдураҳимованинг қўл юклари амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, улар орасидаги ДВД диск божхоначилар эътиборини тортди. Аниқланишича, мазкур дискда “Хизбут-тахрир” диний экстремистик оқим ғояларини тарғиб қилувчи видеороликлар ёзилган экан.  Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида аниқланган 193 та қонунбузарлик ҳолатларида 4182 дона босма, аудио, видео ва электрон шаклдаги диний адабиётларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
  • +5
  • 15 август 2011, 11:00
  • husen

Изоҳлар (0)

RSS ўгириш / айлантириш

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.