Меҳрибонлик уйи 6-7 ёшли тарбияланувчиларининг мактаб таълимига тайёрлик даражаси

6-7 ёшли болаларни мактаб таълимига интеллектуал эмоционал-эҳтиёжли, иродавий жиҳатдан тайёрлаш талабларидан келиб чиққан ҳолда биз ўз олдимизга меҳрбонлик уйи ва 6 ва 7 ёшли болаларининг мактабга тайёрлик даражасини ўрганишни мақсад қилиб белгилаган эдик.

Шу мақсадда мактабга тайёрлик даражасини тадқиқ қилишга мўлжалланган субтестлардан иборат бўлган Керн-Йерасек тестидан фойдаландик.

Биринчи вербал тафаккурни ўрганишга мўлжалланган методиканинг қўлланилиши асосида қуйидаги натижалар ҳосил бўлди:

Меҳрибонлик уйидаги 6 ва 7 ёшли (бу ерда мактабда таълим олмайдиган 7 ёшдаги болалар назарда тутилмоқда) болалар контингентини 32 та бола ташкил этишини (14 та 6 ёшли, 18 та 7 ёшдагилар) инобатга оладиган бўлсак, улардан 2 тасида сўз-мантиқий тафаккур ривожланишининг юқори кўрсаткичи, 14 та болада эса ривожланиш кўрсаткичининг ёш даврига мос келиши, лекин шу билан бир қаторда 10 та болада ривожланишдан орқада қолиш ва 6 та болада эса жуда паст кўрсаткичга эга эканлиги маълум бўлди.

Иккинчи методика-мактабга умумий тайёрлик даражасини ўрганувчи керн-Йерасек тести учта субтестдан иборат:
•    Одам фигурасини чизиш;
•    Ёзма ҳарфлар билан ёзилган иборани кўчириб ёзиш;
•    Варақда тартибли жойлаштирилган нуқталарни (10 та) нусхадагидек кўчириб қўйиб чиқиш.

Бу тест болаларга турлича даражада мураккабликка эга бўлди.

Деярли барча болаларда одам фигурасини чизишда қийинчиликлар пайдо бўлди. Улардан баъзилари йўриқноманинг тушунтирилишидан сўнг одам расмини чиза олмасликлари, ўхшата олмасликлари ҳақида хавотирланганликлари сабабли бироз секинлик билан расмни чиздилар. Бироқ расм чизиишдан бош тортишлар бўлмади. Болалар томонидан чизилган одам фигураси умумий бир қиёфага эга бўлиб, унда асосан ёш даври меъёрларига хос бўлмаган чизгилар мавжуд. Расмлар схематик тарзда ифодаланган бўлиб, уларда асосан бош (юздаги алоҳида қисмлар акс этмаган ҳолда), бўйинсиз бирлаштирилган тана ва оёқ ҳамда қўлларнинг чизиқ тарзида чизилиши ва бармоқларнинг ё 2-3 та, ё умуман мавжуд эмаслиги, товонларнинг ҳам чизилмаганлиги билан характерланади.

Бундай тасвирлар асосан мактабга тайёргарлик даражаси қуйи бўлган болаларга хос бўлиб, улар 1-жадвалда ифодаланган.

Синалувчиларимизнинг орасида субтестлар натижаси асосидаги психик тараққиёт кўрсаткичлари бўйича юқори даражага эга бўлган болалар ҳам мавжуд. Улар 6,25%ни ташкил этади.

Олиб борилган кўпгина психологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, одам фигурасининг проектив тарзда ифодаланиши кўп даражада бола психик тараққиёти ҳақида маълумот беради ва меъёрда ривожланаётган 6-7 ёшдаги бола учун барча тана қисмлари ифодаланган (бармоқлар, оёқ товони) одам расмини чизиш у даражада қийинчиликлар уйғотмайди. Бизнинг синалувчиларимиз чизган расмлар эса 4 ёшдаги болаларга хос бўлган расм тасвирига эга.

Синалувчиларимизга “Мактабда ўқишни истайсанми?”, “Нима учун?”, “У ерда нима қиласан?” қабилида берилган саволларимизга олинган жавоблардан қуйидаги умумий тавсифни келтиришимиз мумкин.
•    “Ҳа, истайман. Чунки у ерда болалар кўп бўлади. Ёзамиз, ўйнаймиз”;
•    “Билмадим… Истайман...Ўйнаймиз”.

Болаларнинг бу жавобларидан синалувчиларимизнинг баъзиларида мактабга мотивацион жиҳатдан тайёрлик даражаси ҳам етарли даражада меъёрда эмаслигининг гувоҳи бўламиз.

Й. Лангмейер ва З. Матейчек олиб борган тадқиқотлари натижаси ҳақидаги “Психическая депривация в детском возрасте” илмий адабиётида ёзишларича, кўпгина олти ёшли болалар мактабга нисбатан муносабатларида “ноетуклик” хислатларини ифодалайдилар. Эмоционал ноетуклик, меҳнат ва ижтимоий кўникмаларни эгаллашларидаги номукаммалллик мактабда таҳсил олиш даврларида, айниқса биринчи синфда ўз имкониятлари ва қобилиятларидан қуйи бўлган ўзлаштириш кўрсаткичига эга бўлишларининг сабабларидир.

Барча фикр юритганларимиздан келиб чиққан ҳолда, бизнинг фикримизча Меҳрибонлик уйининг 6 ва 7 ёшли тарбияланувчиларининг билиш жараёнларини ривожлантириш ҳамда уларнинг мактабга тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

1.    Интеллектуал ривожланиш кўрсаткичини белгилаб берувчи кўргазмали-образли ва сўз-мантиқий тафаккур операцияларини бажариш (айниқса умумлаштириш, индуктив ва дедуктив хулоса чиқариш) кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган қўшимча машғулотларни ташкиллаштириш.
2.    Синалувчиларимизда диққат (барқарорлиги, кўламини ва идрокнинг барча турлари хусусиятларини (фазовий мўлжал олиш; вақтни ва шаклни; объектларни бўлак ва бутун тарзда идрок этиш) шакллантириш.
3.    Иродавий сифатларнинг ривожланиши заминида ётувчи ихтиёрий ҳаракатларни бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган (импульсив ҳаракатларнинг коррекциясини назарда тутувчи) тренинг-машғулотлар тизимини ишлаб чиқиш.
4.    Болаларда образларни проекция қила олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган комплекс дастурни ишлаб чиқиш.
5.    Мактабдаги таълим ҳақида тасаввурларини кенгайтириш ва у ердаги таълимга нисбатан реал ва ижобий мотивацион эҳтиёжни шакллантириш.

Собирова Д.
Низомий номли ТДПУ

Изоҳлар (0)

RSS ўгириш / айлантириш

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.