Мақсуд Шайхзода ҳақидаги маърифий роман



“Ватаннинг маъноси улуғвор, улкан,
Ҳа, Ватан сўзининг чеки бепоён.
Бу ерда туғилган, яшаган, ўлган,
Яратган, ишлаган, курашган инсон
Ватан меҳри билан ўз қадрин билган,
Ватансиз кимсалар дарвиш дейилган..”


Бу юракдан отилиб чиққан жўшқин сатрлар забардаст шоир Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб. Шайхзода гарчанд Озарбайжоннинг Оқтош шаҳрида дунёга келган бўлса-да, замона зайли билан Ўзбекистонга келиб қолиб, ўзбек шоири сифатида катта шуҳрат қозонди. У Ўзбекистонни ўзининг севимли Ватани сифатида ардоқлаб, унга бағишлаб кўплаб асарлар яратди, ўзбек халқининг Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари буюк фарзандларини ўз асарлари билан улуғлади.
Шайхзода 1928 йили Тошкентга кўчиб келганида ўзбек тилини мутлақо билмас эди. Аммо ўта тиришқоқ шоир қисқа фурсатда ўзбек тилини ўрганибгина қолмай, 1929 йилдан бошлаб ўзбек тилида шеърлар ҳам ёза бошлаган. Озарбайжонда бор-йўғи дорилмуаллиминни тугатган Шайхзода Ўзбекистонга келганидан сўнг Боку педагогика институтини сиртдан тугатиб, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётини хусусий мутолаа йўли билан мукаммал ўрганди ҳамда узоқ йиллар мобайнида Тошкентдаги Кечки педагогика институти ва ҳозирги Педагогика университетида ўзбек адабиёти тарихидан маърузалар ўқиди.
Шайхзоданинг бой адабий меросида шеърият катта ўрин эгаллайди. У 1932 йилда нашр этилган “Ўн шеър”идан кейин “Ундошларим”, “Учинчи китоб”, “Жумҳурият”, “Ўн беш йилнинг дафтари”, “Чорак аср дафтари” сингари ўндан зиёд шеърий тўпламларни эълон қилди. Бу тўпламлардан ўрин олган шеърлар фақат порлоқ ғоя ва ҳис-туйғулари билангина эмас, балки баркамол бадиий шакли, шайхона оҳанги, кутилмаган поэтик образлари, шайхона ёниқ сўзнинг камалак жилвалари билан ҳам китобхонлар қалбини забт этди.
Шайхзода драматургия соҳасида ҳам қалам тебратиб, “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” сингари шекспирона кўламга эга бўлган трагедияларни яратди. Афсуски, унинг сўнгги “Абу Райҳон Беруний” драмаси ҳозирга қадар топилмай келади.
Бундан ташқари, Шайхзода адабиётшунос олим ва мунаққид сифатида кўплаб илмий тадқиқотлар ва адабий-танқидий мақолалар ёзди, бадиий таржима соҳасида ҳам чуқур из қолдирди. Ўзбек халқи Шайхзода таржимасида Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Ромео ва Жульетта”, Пушкиннинг “Мис чавандоз”, “Моцарт ва Сальери”, Лермонтовнинг “Кавказ асири” ва бошқа ўнлаб ёзувчиларнинг асарларини ўқиш ҳамда томоша қилиш шарафига муяссар бўлган.
Шайхзода мустақиллик йилларида “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Таниқли адабиётшунос Наим Каримов “Мақсуд Шайхзода” деб номланган янги маърифий-биографик романида ўзбек халқи маданияти тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган бу ажойиб инсоннинг ёрқин образини яратган. Шайхзода ва унинг адабий муҳити билан яхши таниш бўлган муаллиф унинг бой ва рангба-ранг ижодига мафтун бўлибгина қолмай, шоирнинг Инсон сифатидаги қиёфасини гавдалантиришга, руҳий оламини очишга, ҳаётининг бахтли ва бахтсиз саҳифаларини пардозсиз ёритишга ҳаракат қилган ва бунга эришган.
Наим Каримов талқинидаги Шайхзода ХХ аср ўзбек адабиётининг машҳур намояндалари орасида энциклопедик билимга эгалиги, ўзбек, озарбайжон ва рус тилларидан ташқари, араб, форс ва немис тилларини ҳам билганлиги, ўта сахийлиги, олижаноблиги, камтарлиги билан ажралган. Ўйлаймизки, агар мазкур асарни ўқиган китобхон Шайхзодани кўрган ва билган бўлса, унинг бу улуғ Инсон ва Шоирга бўлган ҳурмати янада ошади, агар кўрмаган ва. Умид қиламизки, Шайхзода унинг кейинги ҳаётининг донишманд Йўлдоши бўлиб қолади.
Муаллиф Шайхзода ҳаёти ва ижодининг мутлақо номаълум саҳифаларини ёритишда, унинг порлоқ образини гавдалантиришда, аввало, замондошларнинг Шоир ҳақидаги хотираларига суянган, унинг асарларини қайта-қайта мутолаа қилиш орқали Шайхзодадек бетакрор Шоир ва Инсон қалбини тушунишга, ҳис қилишга интилган. Шу билан бирга у Шайхзоданинг ҳозир Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида сақланаётган архивидан самарали фойдаланган. Бундан ташқари, муаллифнинг сўнгги 10 йил давомида қатағон даври қурбонлари тақдирини махфий архивларда ўрганаётгани ҳам мазкур асарнинг тузилишига ва ҳаётий фактлар билан бойишига муайян таъсир кўрсатган.
Маълумки, Шайхзода 1928 йилда Тошкентга кўчиб келган. Шу вақтда у эндигина 20 ёшга тўлган эди. 20 яшар йигит мустақиллик орзуси билан қандайдир ишларга аралашган ва шунинг учун ҳибсга олиниб, Тошкентга сургун қилинган. 50-йилларнинг бошларида яна авж олган қатағон васвасаси Шайхзодани ҳам четлаб ўтмади. У 20 йилга кесилиб, Сибирдаги лагерлардан бирига юборилди. Роман муаллифи Шайхзода ҳаётининг ана шу фожиали даврини ҳам четлаб ўтмайди. Унинг барвақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган шу мушкул мавзуни холисона ёритади.
Ҳаёт – мураккаб воқеалардан иборат. Шайхзода сингари мустабид тузум шароитида яшаган ижодкорларга осон бўлмаган. Ана шу мураккаб шароитда яшаб, Шайхзода сингари Инсон ва Шоир деган улуғ номларга гард юқтирмай яшаш, афсуски, ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.
Мазкур романни ўқиган китобхон шундай ҳаётбахш ва ибратли хулосага келса, ажаб эмас.
  • +6
  • 28 август 2010, 17:09
  • nigora

Изоҳлар (9)

RSS ўгириш / айлантириш
+
+1
Garchand romanni o'qimagan bo'lsamda, yuqorida keltirilgan maqola orqali juda kam bo'lsada ma'lumotga ega bo'ldim.Shunaqa yangi asarlar haqidagi maqollalarni ko'proq keltib borsangiz yaxshi bolardi!
avatar

suxa

  • 28 август 2010, 17:23
изоҳ ўчирилди

+
0
Romanni o'qisangiz adabiyotning oq va qora ranglarini yaxshi ajrata oladigan bo'lasiz. Bunday asarlar ijodkorga to'g'ri baho berishni o'rgatadi.
avatar

nigora

  • 30 август 2010, 12:01
+
+1
Darhaqiqat bu kitob juda qiziq yozilgan, Maqsud Shayxzoda hayotiga oid real ma'lumotlar berilgan. Kitobxon bu buni o'qib nafaqat shoir haqida, balki o'sha davrdagi muhit va odamlarning ziddiyatli dunyoqarashi va ruhiyati haqida ham qiziq jarayonlarga duch keladi. Biz ilk bor darsimizda bu kitobning muhokamasini qilganimizda, yana bir yaxshi asar olam yuzini ko'rganligiga amin bo'lgandim…

O'qimaganlar bo'lsa albatta o'qishini tavsiya etaman. Chunki haqiqiy adabiyot qanday bo'lishi kerakligi haqida tushuncha hosil qilasiz…
avatar

kavsar

  • 28 август 2010, 17:48
+
+1
Shayxzoda boshidan kechirgan voqealarni asar muallifi tomonidan emas, balki zamondoshlari tomonidan hikoya qilinishi asrning ta'sirchan chiqishini ta'minlagan.
avatar

nigora

  • 28 август 2010, 17:52
+
+1
Albatta, men ham shunday demoqchi edim. Maqsud Shayxzodani nafaqat adib, balki haqiqiy inson sifatida tanigan edik.
avatar

kavsar

  • 28 август 2010, 17:57
+
+1
Shayxzodaning haqiqiy insoniyligi uni qamashganida adibg xiyonat qilib tashlab ketgan do'stlarini kechira olganligida ko'rish mumkin.
avatar

nigora

  • 28 август 2010, 18:05
+
+1
Эътибор қилдингизми, баъзи бир кишиларнинг фақат бош ҳарфи келтирилган ўша пайтдаги. Ҳақиқий мард инсонлар ўша қийин даврда ҳам мардлик қила олган экан. Масалан Ойбек домла. Шунинг учун ҳам Ойбек домлага ҳурматим баланд…
avatar

kavsar

  • 28 август 2010, 23:21
+
+1
Устоз Наим Каримовнинг сўзларини эсланг:«Абдулла Қаҳҳор бир гапни айтган эди: мен умримда икки буюк истеъдод эгасини кўрдим. Булардан бири Чўлпон, иккинчиси Ғафур Ғулом эди. Улардан бирини замон жувонмарг қилди, иккинчиси ўзи, деб.
Истеъдоднинг харидори кўп бўлади. Қанчадан-қанча истеъдодли кишилар мухлислар туфайли ичимликка майл қўйиб, жувонмарг бўлганлар. Қанчадан-қанча истеъдод эгаларини замон темир кишанлари орасига олиб мажақлаб ташлаган».
Ижодкорларнинг кўпчилиги мажақланиб ташланишдан қўрқиб ўз дўстларига ҳам қарши борганлар.
avatar

nigora

  • 30 август 2010, 12:00

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.