Билмаганлар не билар қадриятлар қадрини...

Олис Грециядаги Артемида  ибодатхонасини тилга олсак, у жаҳоннинг етти мўъжизасига мансуб, деб билағонлик қиламиз, сариқ газеталаримиздаги сканвордларни еча-еча «Қуёш худоси — Ра» эканини сув қилиб ичвордик. 

Албатта, билган яхши. Аммо... 

Ўз элимизнинг урф-удумларини, рўзғор тутумларини, қадриятларини лоақал ўшанчалик биламизми? Масалан, миллий қадриятларимиз негизида қандай нарсалар ётади? Очиғи, шу мавзуда сўз кетса, менинг ўзим абдираб қолишим турган гап. Бу соҳадаги тушунчаларим юзакироқ, мубҳам. Бирон чет эллик одам келиб, мен билан суҳбат чоғида миллатингизнинг қадриятларини тушунтириб беринг, у аниқ нималардан ташкил топади, деб сўраб қолса борми…
Эҳтимол, илмий китобларда буларнинг қомусий таърифи берилгандир. Аммо уни оммабоп бир тилда етказиш ҳам зарурми дейман? Шунинг учун ҳам, топган гул келтирар, топмаган бир бош пиёз, деганларидек, ўзимнинг айрим қарашларимни ўртоқлашмоқчи бўламан. Бошқалар ҳам билганини ўртага ташласа, шу тарзда бўлса ҳам йиғилиб, пировардида бир нима ҳосил бўлар.

Ғафур Ғулом ўзбекнинг билимдони эди. Мақолаю шеърларида халқимизнинг урф-одатлари, ажойиб фазилатларини фахр билан тараннум этган. Ҳатто ирим-сирим, инонч-эътиқод, удумларимизни таҳлил қилиб, буларнинг қай бири бидъату қайсилари ҳаётий асосга эга эканини лўнда қилиб тушунтириб ҳам берган. Медицина камида эллик йил қоралаб келган исириқни ёқлаб чиқиб, у шифобахш гиёҳ эканини, тутуни вирусларга қирон келтиришини исбот қилгани, бувиларимиз бекорга «супургини тикка қўйма» демаслиги, тик турган супурги букилиб-майишиб, ишга ярамай қолишини далиллагани, қош қорайганда уй супуриш бехосият дейилишининг сабаби, шом олақоронғусида танга, тугма, игна каби зарур нарсалар супурилиб кетишининг олдини олиш учун эканини исботлагани эсимизда. Зеро булар эскилик сарқити, деб талқин этиб келинган, ким эътироз қилса, ёт унсур саналадиган, аслида эса ўзбек менталитетининг нозик, теран асосларига тааллуқли бўлган нарсалар эди. 

Ҳозир ўйлаб қарасам, Ғафур Ғуломнинг ўша мақолалари жасорат бўлган экан. Бу мақолалар ёзилган замондан роса бир қирон — қирқ йиллар ўтгач истиқлол юз кўрсатди. Мустақиллик халқимизнинг энг яхши урф-одатлари, удум ва анъаналарини тарғиб этишга, асл қадриятларини юзага чиқаришга кенг йўл очиб берди. Бас, бу имкониятдан кенг фойдалансак, академик шоирнинг ўша ташаббусидан ибрат олсак, айни муддао эмасми? 

Албатта, у пайтларда исломий негиздаги удум-одатларни тал¬қин этиш имконсиз эди, булардан биронтаси тилга олинса, фақат қораланиши керак бўлган. Бизларнинг кўпчилигимиз ҳам ўша дунёқараш руҳида тарбият топганмиз. Шунинг учунми, қанча истамайлик, диний анъана-таомиллар руҳини тўла ҳис қила олмаймиз. Масалан, Машрабдан бир мисра:

Мен шаҳиди ишқдурман, ўлсам кафанга чулғаманг...


Хўш, бунинг маъноси нима? Нега Машраб кафан керак эмас, деяпти? Ахир бекафан кўмилиш мусулмон миллати учун хўрлик эмасми? — деб сўраб кўринг: юзта ўсмирдан биронтаси жавоб айтса айтар, қолгани ўрисча қилиб елкасини қисади — жавоб бера олмайди! Тушунмаганидан кейин, ўқимайди, шу ғазалнинг ашуласини ҳам эшитмайди. Ҳолбуки, бу мисра зимнида шаҳид бўлган одам ювиб кафанланмайди, ўз кийими билан кўмилади, деган ҳадисга ишора бор. Оллоҳнинг ишқида шаҳидликка чоғланган Машрабнинг бундай оташин мисралари сўнгги асрда шимолдан эсган изғиринларда тўнғиган шууримизга таъсир қилиб, кўнгилларимизни юмшатишига ҳали вақт бор шекилли...

Санъатимиздаги «узбек»лар

Саид Аҳмад қайсиям йили Темур Пўлатов деган ажнабийсифат ёзувчининг бир қиссасини танқид қилиб, «Бу асарда чоллар қовун еб бўлиб, бир-бирига пўчоқ отиши тасвирланган, қачондан бери ўзбек оқсоқоллари қовун пўчоғини отиб юрадиган бўлиб қолди, бу қилиқ бизга ёт эмасми?» — деб дашном берган эди. Аввало, пўчоқ отиш шумтакалик, чоллар эса қовунни худди жонивор каби бисмиллоҳ айтиб, банди остидан «бўғизлаб» сўяди. Қовун еб бўлингач, ҳар бир ноз-неъмат тановулидан кейин бўлгани каби, фотиҳа ўқилади, пўчоғини ҳам увол қилмай, мол-қўйга берилади. Нега? Чунки, қовун — жаннат меваси. Ўзбекларда қовун ҳатто оёқ билан суриб юмалатилмайди, бундай қилиш макруҳ саналади. 

Яна бир удумимиз — бизда қўйни тепиш мумкин эмас. Чунки қўй ҳам жаннат неъмати саналади (Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишга чоғланган пайтида Оллоҳ одамни қурбон қилишни тақиқлаб, осмондан бир қўчқор туширгани ёдингиздадир). Жаннат мевасини ёки жаннатдан чиққан жониворни тепиш ё ҳақоратлаш — жаннатни рад этиш дегани. Аммо бошқа кўп халқлар қўйни оддий бир жонивор деб билади, унинг соддалиги анқовликка менг-залади. Хўш, биз ҳам энди қўйни бошқалар каби масхаралашга ўтамизми ёки ўз удумларимизга содиқ қоламизми? 

Яқинда телевидениеда бир-икки ой реклама қилинган «Ўтов» фильмидан бир парча кўрсатиб қолишди. Унда соч қўйган бир чўпон одам (ўзбек чўпони соч қўйиб юрадими?!), бир гунг хотинни иккита қўй эвазига жоҳил қариндошидан сотиб олади. Бўлса бордир, бизнинг кинода нималар бўлмайди. Аммо бу киши қўйни бояги пасткашнинг олдига оёғидан тортиб, судраб олиб келиб ташлайди. Энди ўзингиз баҳо беринг, ўзбек шунақа қиладими? Қўйни оёғидан судраш мусулмоннинг эмас, кофирнинг қилиғи-ку!  (Илья  Ильф ва Евгений Петровларнинг «Ўн икки стул» романида ўқиймиз: «-Дам олинглар! — деб қичқирди Персицкий. — Хўжайин! Ўн бешта кабоб қўйинг!.. Меҳмонхонада карахт одамлар ғимирлаб қолди, оёғидан тортиб, ошхонага судралган қўйнинг фарёди эшитилди»). Кўрамизки, оёғидан тортилган қўйни «Ўтов»га ўша ёқлардан судраб опкелишган экан. 

Тунов кун телевизорда яна бир ўзбек киноси берилди. Номи эсимда йўқ, аммо ёдда қолгани — бир чол (Диас Раҳматов) аллақаерда сайр қилиб юрар экан, ногоҳ какку сайрайди. Шунда чол «Каккужон, яна сайра, неча йил умрим қолганини билай», дейди. Какку икки бор сайрайди. Яъни, каккунинг фолича, чол яна икки йил «умр кўради». Оқсоқол, «Невараларим-чи, улар қанча яшайди?» деб тағин илтимос қилади. Какку кўп сайрайди, чол хушҳол бўлиб, некбинлик билан нари одимлаб кетади.

Воқеанинг чучмал ва сунъий эканини қўя турайлик. Каккунинг одам яна неча йил яшашини айтиши ҳақидаги ирим-инонч бизники эмас, ўрисларга хослигини киночиларимиз билишмасмикин? Қолаверса, битта какку товушини теваракда юзта одам эшитиши мумкин. Нима, ҳаммасининг умри бир вақтда тугайдими? Бу киночолларнинг бошидан дўппини олиб шапка кийдириб қўйсангиз, картина «Мосфильм» маҳсулоти бўлади-қолади.

Давоми 
  • 0
  • 6 феврал 2012, 12:59
  • murodiy

Изоҳлар (0)

RSS ўгириш / айлантириш

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.