Баҳор яқин...

Ким ўзарга бўйлашган катта-кичик бинолар пештоқидаги қорлар тўкилиб, кўчалардаги муз йўлаклар эрий бошлаган, қуёшнинг заррин нурлари кўпайиб, борлиқда ўзгача тароват мавж ураётганидан, навбаҳор қадамлари яқин қолганини пайқаймиз.

Юртдошларимиз эгнидаги қалин, мўйнали либослар енгиллашиб, қадамларида яна-да шашт, шахдамлик сезилаётганидан, карнай-сурнайлар овози баландлашиб, келинчаклар сайли бошланаётганидан, остонада байрамлар, шодиёналар фасли турганини англаймиз.

Тақвимни оламиз-у, март ойи саналарига бир неча кунлар қолганини, майсалар кўрпасини очиб, ўрнидан турғазгувчи навбаҳор чопарлари яқинлашиб қолганини сезамиз. Ана шунда… яна бир кўкламга етганимиз, яна пешайвонларда буғдой кўкартириб, дошқозонларда сумалаклар қайнатишимиз, яна Наврўз сайлларида рақсга тушиб, кўксомсалар тайёрлашимиз мумкинлигини ўйлаб, шодланамиз. 
Юртимизга баҳор нақадар ярашади! Шойи рўмолларини шаббодалар елпиган, ҳарир, ипак кўйлакларида лолақизғалдоқлар сурати чизилган, қошларида ўсмалар, сочларига жамалаклар ярашиб турган  қизларимиз ҳуснига баҳорнинг рашки келади. Шунинг учундирки, ўзбек хонадонларини қайси фасл бўлмасин, нафосат, гўзаллик шукуҳи тарк этмайди.

Буғдойзорларни файзга кўмган, қут-барака олиб келувчи ёмғирлар мавсуми, зеболик, нафосат палласи, шодиёналар, гўзал айёмлар, янгиланиш-яшариш фасли бўлган Навбаҳор, биз сенга интиқмиз!

Муаллиф: Маърифат ТЕМУРЗОДА

Манба    
  • +4
  • 15 феврал 2012, 10:58
  • murodiy

Изоҳлар (1)

RSS ўгириш / айлантириш
+
0
Соғинганман, тоғдан тушган жилғасини,
Кўргим келар турфа чечак жилвасини.
Момақаймоқ, Ялпизжону, хилвасини,
Хуш бўйини жоним қадар соғинганман!

Қани эди ҳар кун бўлса Наврўз сайли,
Севишганлар бўлса бунда Мажнун Лайли.
Бахтин топса бир-бирида бўлса майли,
Навоийдан қолган ишқни соғинганман.

Ҳаёт сувин бахш айласа булоқлари,
Тоғлар ошса қўй-қўзи-ю, улоклари,
Йўлин топса, йўлдан озган «суллоҳ»лари
Эл ичинда огоҳларни соғинганман.

Яхшиликни мақтаб кўклам айтса эртак
Қиқирлашиб, кўзин очар мудроқ куртак.
Лайлакжоним келди, дея ашъор битсак
Кўкламойим келгин, сени соғинганман.

Давомини кўриш учун uforum.uz/showthread.php?t=5503&page=142
avatar

mumtoz

  • 15 феврал 2012, 18:46

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.