Оилангизда нечта тилда гаплашасиз?
Оила—жамиятнинг ёш авлодини тарбиялаш ва одамларнинг ўзаро ахлоқий жавобгарлигини, шахсий бахт-саодатини таъминлашдан иборат маскан. Шу масканда ўсиб улғаяётган фарзандларнинг камолоти нафақат ота-оналар, балки жамиятнинг ҳар бир фуқароси учун аҳамиятлидир. Гўдак дунёга келган илк куниданоқ, ўз оиласида миллий маданияти, урф-одатларини англай туриб, она тилида сўзлашни ўрганади. Тил — миллатнинг ифтихори, яшаш тарзимизнинг ажралмас бир қисми. Инсонлар кишилик жамиятининг кўпгина жабҳаларида фаолият кўрсатиб, нутқ маданиятининг ривожига ёрдам беради. Фарзандларимизнинг ўз она тилларида равон, бенуқсон сўзлашлари, аввало, ота-оналар, оилавий муҳит, сўнгра ён-атроф, ташқи муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Бу уларнинг кейинги ҳаёт йўлларида нутқий ривожланишларига асос бўлади.
Яқинда қизиқ бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Қўшним эндигина мактабнинг 1-синфига бораётган қизининг ютуғидан фахрланиб, оғиз кўпиртириб гапиряпти:
— Қизим чет тилларини «очень хорошо» ўрганмоқда, кўп сўзларнинг талаффузини «узбекский»да айтолмайди-ю, аммо «русский»да «отличний» гапиради, «так что» биз ҳам замонавий оилага айланиб боряпмиз...
Энди ўйлаб қаранг, ўз она тилида тузукроқ сўзлашишни ҳам эплолмаган болалар, онаси айтмоқчи, «замонавий инсон» бўлиб вояга етишлари мумкинми? Боланинг нутқий ривожланиши фикрлаш қобилияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, шу сабабли бу унинг камолоти, маданияти, имон-эътиқоди билан белгиланади. Кўп тилни билиш бизга аждодларимиздан мерос десак, янглишмаймиз. Буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий бобомиз ҳам ҳали ёшлик пайтлариданоқ Фаридиддун Атторнинг форс тилида ёзилган «Мантиқ ут-тайр» асарини ёддан билган. Шу каби бугуннинг барча ота-оналари болаларининг бир нечта тилни мукаммал ўрганишларини истаб, оилавий нутқий мулоқот чоғида кўп тиллиликдан фойдаланишмоқда. Албатта, бунда ҳам маълум бир меъёр доирасига амал қилган маъқул. «Замонавийлик» дея оилавий мулоқот пайтида кўп тиллиликни қўллаш бора-бора болалар нутқ маданиятининг босқичма-босқич ривожланишига салбий таъсир қилмайди, деб ким айта олади?
Биз оилада икки тилда сўзлашув, болаларнинг нутқий маданиятига қай даражада таъсир кўрсатади, дея баъзи соҳа мутахассисларига мурожаат қилдик.
Навбаҳор УМАРОВА, Тошкент давлат иқтисодиёт университети психология йўналиши стажёр-тадқиқотчи-изланувчиси:
— Болаларда нутқий ривожланиш гўдаклик давридан бошланиб, бола ўз «мен»ини англагунча ўз она тилида мулоқот қилгани маъқул. Болаларда ўсмирлик давригача ўзлаштириш анъанаси яхши ривожланган бўлиб, айни бу даврда кўп тилда сўзлашиш уларнинг руҳий ҳолатига у даражада таъсир қилмайди. Лекин миллий қадриятларимизга хос бўлган сўзлашувларни ўз она тилимизда олиб боришимиз лозим. Масалан, «Ассалому алайкум», «Хуш келибсиз», «Раҳмат» каби сўзларни. Шу ўринда яна бир ҳолатга тўхталмоқчиман. Аксарият ота-оналар фарзандларини бошланғич синф таълимида аввал рус, кейинчалик ўзбек гуруҳларида таҳсил олишга ундашади. Ана шу ҳолат болаларнинг руҳий стратегиясига таъсир қилиши мумкин. Болаларда тилдан-тилга кўчиш уларнинг темпераментига ҳам боғлиқ экан. Болалар темперамент хусусиятларини билиш, улар хулқ-атворининг айрим хусусиятларини тўғри тушуниш тарбиявий таъсир кўрсатиш усулларини керакли тарзда ўзгартириш имконини беради. Маълум бўлишича, нерв системаси кучли ўқувчида бир тилдан иккинчи тил машғулотларига ўтиш мобайнида салбий баҳонинг рағбатлантирувчи таъсири аниқланса, ўқувчида ана шундай баҳодан кейин саросималик, ўз кучларига ишонч йўқолади. Албатта, бу хилдаги маълумотларни тушунтиришда темперамент бўйича фарқларни ҳисобга олиш зарур деб ўйлайман.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, журналист:
— Бола навниҳол, уни қай тарафга буксак, шу томонга эгилади. Шу маънода оилада икки тиллилик болаларда нутқ маданиятининг тўлиқ шаклланишига салбий таъсир этади. Оддий бир мисол: болалар қуло²ига чалинган сўзнинг аниқ маъносини тушунадими, йўқми, тезда ўзлаштириб олади. Ўатто, катталарнинг чет тилда муомалада ишлатган бир-иккита сўзнинг моҳиятига етмаса-да, қайтаради, гап орасида ярим-ёрти шу сўзлардан фойдалангиси келади. Улғайган сари эса бу оддий ҳолга айланиб улгуради. Бугун ўзини ўта замонавий деб билган ўсмир йигит-қизларимизнинг жамоат жойларида киши Қашига тегиб, эриш туюладиган, нотабиий муомаласига замин вазифасини бажаради. Шу маънода болаларимизга, аввало, соф ўзбек тилида муомала маданиятини ўргатсак, яхши бўларди, деб ҳисоблайман.
Мунисахон КАРИМОВА, педагог:
— Оилада икки тилда сўзлашувнинг ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлари мавжуд. Ижобий жиҳати: бола бир вақтнинг ўзида икки тилда сўзлашувни ўрганиб, мулоқотга киришади. Салбий жиҳати: болалардаги «диққат» фаолияти бирмунча ўзгариб, нутқий савиясининг ўсишига таъсир қилади, яъни бола бир хил предметнинг икки тилда номланишига бир вақтнинг ўзида кўниколмайди. Албатта, ҳар қандай мукаммал инсон ҳам қайсики миллат тилидан қатъий назар, тўлақонли равишда эгаллай олмайди. Шу сабабли болажонларимизга ҳар бир тилни босқичма-босқич, алоҳида меҳр билан ўргатганимиз маъқул.
Орзигул ҲАМРОЕВА, Ўзбекистон Миллий университети филология факультети тадқиқотчи-изланувчиси:
— Албатта, оилада бир пайтнинг ўзида икки тилда сўзлашув болаларнинг ҳам нутқий, ҳам руҳий фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Аввало, бунга биз катталар, ота-оналар йўл қўймаслигимиз лозим. Бу болаларда нутқий маданиятнинг тўлиқ шаклланишига салбий таъсир қилиши мумкин. Қайсики тилни мукаммал эгаллаган ота-она ҳеч қачон оилавий муҳитда «бир унисидан, бир бунисидан» дегандек, икки тилни «аралаштириб» сўзламайди. Оилада фақат тўлиқ биргина тилда соф ва мазмунли сўзлайди. Мен оилада икки тилда сўзлашувда, аввало, ота-оналарни айбдор деб билиб, фарзандларига қайсики тил бўлмасин, нутқий маданиятининг ривожланишига ўзларини масъул деб, ўйлашлари тарафдориман.
Биз болаларимизни ҳар томонлама етук, маънавий камолотга эришишларини мукаммал таъминлай олмас эканмиз, олдимизда турган ота-оналик вазифамизни тўлиқ бажара олмаймиз, зеро, келажагимиз, тақдиримиз фарзандларимизнинг қўлида.
Маънавий қадриятларга ҳурмат, миллий меросимизни мустаҳкамлаш, аждодлар ёдини қадрлаб вояга етган инсонларгина комиллик шоҳсупасига кўтарилиши мумкин.
Навбаҳор РАҲМОНОВА
Изоҳлар (0)
RSS ўгириш / айлантиришРўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.