Замон

Мана, Ўзбекистонимиз мустақилликнинг йигирманчи йилини яшаяпти. Бу даврнинг ҳар бир куни, очиғини айтганда, юрт тарихининг бошқа замонларидаги кунларига нисбатан бир неча баробар каттариб кетганини ҳис қилиш қийин эмас.

Халқимиз ҳаётнинг қанчадан-қанча мушкулотларини оқилона ва мардонавор енгиб келяпти. Улкан яратувчилик ишлари амалга ошди ва ошмоқда.

  Аввало, ҳар биримиз шахс — одам сифатида чексиз ўзгардик: мустамлака мамлакатнинг эмас, мустақил давлатнинг фуқароси бўлдик.
 
Шаҳару кишлокларимиз, йўлу расталаримизнинг чиройи тубдан ўзгарди. Ҳар қанча мушкулотлар бўлишига қарамай, шу ўн етти йил ичида ғалла, картошка, нефть… мустақиллигига эришдик, таълим, тиббиёт тизимини ислоҳ қиляпмиз, кўп қишлоқлар газлаштирилди, тоза ичимлик суви билан таъминланяпти.   Бу эзгу ишларни ким бошлаяпти?

Муҳтарам Президентимиз!

Кимлар у киши ўртага ташлаётган ғоялар атрофида бирикиб, юрт равнақи ва халқ фаровонлиги учун фидойиларча тер тўкяпти?

Одамлар!

Лекин… Ҳазрат Алишер Навоий буюрадилар:

Одам борки. одамларнинг нақшидур...

Ана шундай одамларнинг нақши бўлганлар бугунимиз каҳрамонлари экани рост.

  Президентимизнинг: «Бугунги куннинг қаҳрамонлари қани?» — дея савол қўйишларида ҳам БУГУН бош масала эмасми?

Яна Навоийга қайтамиз. «Муншаот»дан ўрин олган, олимларнинг аниқлашича, шаҳзода Бадиуззамон Мирзога йўллаган мактубида ҳам улуғ мутафаккир халқ донишмандлигига суянди ва дадил туриб: «Ьу кунги ишни тонглага (эртага — С. О.) қўймаслар!..» — деди.

«Маҳбуб ул-қулуб» — биз учун Навоий донишмандлигининг бой хазинаси янглиг қадрли. Шу китоб охирлаб қолар экан, худди шу кунни кўзлагандек, шоир яна буюрадилар:"Ўтган рўзгор (вақт) адамдур (кетиб бўлди). Келмагандин (келажакдан) сўз айтқон аҳли надамдур (бехудачидир) ва ҳол (хар дам) муғтанамдур (ғаниматдир)".

Кейин шундай улуг шоир бир туркнинг (кимлиги ҳозирча бизга маълум эмас) сўзини келтиради: «Бир турк бу маънида дебтурким: „Дам бу дамдур “:

Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,

Не учунким, дам — бу дамдур, дам — бу дамдур, дам — бу дам.

Ўтмиш ҳақида ҳам, келажак хусусида ҳам кўп гапириб ўтирма, ахир, дам — бу дамдур, дам — бу дамдур, дам — бу дам!

  Бу байт бир ўқиганда одамнинг қалбидан бир умрга ўчмас бўлиб жой олади ва ҳар лаҳзада умрни ғанимат билишга, ҳар кунни нимагадир, аниқроғи, ҳаракатга, яратишга, бунёдкорликка сарфлашга ундайди.

Навоийнинг биз билан ҳамиша ҳамнафаслиги шундан!

Султомурод Олим
»Навоий — ёшларга" китобидан

  • +24
  • 6 феврал 2012, 18:35
  • mumtoz

Изоҳлар (0)

RSS ўгириш / айлантириш

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.