Махсус меҳнат таълими мактаби ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини оширишнинг устувор вазифалари

Махсус таълим тизимининг асосий мақсади алоҳида ёрдамга муҳтож болалар ва ўсмирларни соғлом, баркамол этиб вояга етказиш, уларнинг шахсий ҳуқуқларини ижтимоий ҳимоялаш, таълим-тарбия жараёнини коррекцион-ривожлантирувчи равишда ташкил этиш, соғлом болаларга ҳар томонлама теглаштириш, натижада жамият тараққиётида ўз ўринларини топишларини таъминлашдан иборатдир. Ушбу мақсадни амалга ошириш махсус таълим муассасалари ўқитувчи ва тарбиячиларидан юқори даражада масъулият, билим ва педагогик маҳоратни талаб этади. Айниқса махсус меҳнат таълими мактабларида ўқитувчининг педагоглик маҳорати ва илмий салоҳияти ўқувчиларни жамиятга интеграциялашнинг асоси бўлиб ҳизмат қилади. Шундай экан, махсус меҳнат таълими мактаблар ва мактаб интернатлари ўқитувчиларининг малакасини оширишда педагогик маҳоратни ҳам ривожлантириш даврнинг долзарб аҳамиятга молик бўлган масаладир.

Ўқитувчининг педагогик маҳорати барча турдаги таълим-тарбиявий фаолият турларининг ижобий натижаларини оширган ҳолда, ўқувчиларни ҳар томонлама камол топтириш, уларда баркамол шахс дунёқарашини шакллантириш, иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган касб маҳоратидир. Зеро, махсус коррекцион таълим муассасаси ўқувчиларининг жамият ҳаётига ижтимоий-маиший мослашуви ҳам юқорида таъкидланганидек асосан ўқитувчи-дефектологларнинг касб маҳорати ва билимдонлиги билан узвий боғлиқ.

Ўқитувчининг педагогик маҳоратини ривожлантириш долзарб муаммо эканлиги хусусида тўхталганда, малака ошириш жараёнида ушбу масалага жиддий эътибор қаратиш, бунинг учун алоҳида педагогик маҳоратни ривожлантиришга қаратилган маъруза ва амалий машғулотлар ташкил этилиши кўзда тутилади. Маъруза ва амалий машғулотларда тингловчилар касбий педагогик маҳоратининг моҳияти, ўқувчиларга таъсир этиш усуллари, педагогик техника, таълим-тарбия жараёнини бошқариш маҳорати, нотиқлик, актёрлик маҳорати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши ва булардан амалий фаолиятида фойдалана олиш кўникмаларини эгаллашлари мақсадга мувофиқдир.

Меҳнат таълими мактаблари ўқувчиларида ақлий ривожланишдаги камчиликлари билан бир қаторда иккиламчи нуқсон сифатида нутқий мулоқотга киришишларида ҳам муаммо ва қийинчиликлар учрайди. Кўп ҳолларда ўқитувчилар боладаги иккиламчи нуқсонларни олдини олиш, айниқса ўқувчиларнинг нутқини ўстириш, мулоқотга киришувчанлигини оширишга масъулиятсиз равишда аҳамият беравермайдилар. Натижада меҳнат таълими мактаблари ўқувчиларида беўхшов, ноодатий нутқий кўникма ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам малака оширишга келган ўқитувчиларнинг педагогик ҳамкорлик маҳорати, ўқитувчи ва ўқувчилар мулоқот маданиятини ташкил этиш йўллари, педагогик мулоқот ва унинг вазифалари хусусида батафсил маълумот бериш, бу борада мустаҳкам кўникма ҳосил қилиш керак. 

Таълим мазмуни ва сифатини оширишга бўлган эътибор кучайган бир пайтда меҳнат таълими мактаб ва мактаб интернатлари ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини ривожлантириш мақсадида малака ошириш жараёнида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди:
1.    Махсус меҳнат таълими мактаблари ўқитувчилари учун педагогик маҳоратни оширишга қаратилган маъруза ва амалий машғулотлар ташкил этиш;
2.    Машғулотларда ўқитувчи педагогик маҳоратининг назарий асослари ва шакллантириш йўлларини очиб бериш;
3.    Тингловчиларда педагогик маҳорат ва таълим-тарбия жараёнини бошқаришнинг педагогик малакаларини ривожлантириш; 
4.    Шахс ва жамоага самарали таъсир этиш, педагогнинг ижодкорлик қобилиятини ривожлантиришга доир турли соҳалардаги билимлар бериш ва амалий малкаларни эгаллашларига эришиш;
5.    Ўқитувчининг коммуникатив, переспектив қобилиятини шакллантириш, креативлик-ижодий ёндашув кўникмасини шакллантириш, педагогик шахсий ҳаракатчанлигини ошириш;
6.    Ўқитувчининг педагогик маҳоратида саҳна педагогикасининг тутган ўрнини, педагогик ва актёрлик фаолиятининг ўхшаш томонларини, саҳна педагогикаси, тизими ва тамойилларини, жисмоний ва психологик тренинглар ташкил этиш йўлларини англатиш;
7.    Педагогнинг ўз-ўзини бошқариш малакасини шакллантириш; 
8.    Ўкувчиларга педагогик ва психологик жиҳатдан дарс ва дарсдан ташқари жараёнида таъсир этиш турлари, психологик ва педагогик таъсирнинг самарали кечиш шарт-шароитлари ҳақида батафсил маълумот бериш;
9.    Ўқувчиларнинг билиш фаолиятини бошқариш маҳоратини ошириш ва бошқалар.

Юқорида баён қилинган вазифаларни бажариш натижасида меҳнат таълим мактаблари ўқитувчиларининг малакасини ошириш сифатини янада яхшиланишига, бунинг пировардида ақлий ривожланшида камчилиги бўлган болалар таълими мазмунини самарадорлигига, уларнинг ижтимоий жамиятга фаол мослашувига эришилади. Шубҳасизки, ҳар қандай эзгу мақсадни амалга ошириш икки шартнинг бажарилишига: биринчидан, эзгуликнинг пировард мақсадини аниқлаш ва ушбу мақсадга эришиш йўлларини излаб топишга боғлиқдир.


Жумабоева Н. –А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ
  • +4
  • 6 феврал 2012, 15:51
  • nigorcha

Изоҳлар (0)

RSS ўгириш / айлантириш

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.