Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 1 февраль куни тармоқли маркетинг устидан назоратни кучайтирувчи “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо Қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ҳужжат Чакана савдо қоидаларини “тармоқли маркетинг”, “тармоқли ташкилот” ва “сотувчи агент” атамалари билан тўлдирди. Шунингдек Қоидаларга “Чакана савдони тармоқли маркетинг йўли билан амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари” бўлими ҳам киритилди.
Ҳужжатга мувофиқ тармоқли маркетинг – бу товарларни мустақил равишда тарқатувчи сотувчи агентларнинг тармоқли ташкилотини яратишга асосланган товарлар чакана савдосининг бир туридир.
«Тармоқли ташкилот – бу мамлакат ҳудудида савдо-сотиқни мустақил равишда ёки тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсидир», — дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатда қайд этилишича, товарларни стационар савдо нуқталари орқали бевосита сотувчи, шунингдек уйида, муассасаларда, ташкилотларда, корхоналарда, транспортда ёки кўчада буюртмаларни қабул қилиш орқали бўлғуси харидорлар билан юридик шахсни ташкил этмасдан туриб ишловчи ва даромади сотувларининг ҳажмига боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркор – жисмоний шахс сотувчи агент ҳисобланади.
«Тармоқли ташкилот томонидан сотувчи агентларга сотиш улар орасида тузилган шартнома асосида нақдсиз ҳисоб-китоб орқали амалга оширилади. Бунда тармоқли ташкилот улгуржи савдо фаолиятини юритиш учун лицензияга эга бўлиши керак», — дея қайд этилади ҳужжатда. Тармоқли маркетинг йўли билан чакана савдо сотувчи агентлар томонидан стационар савдо нуқталарида амалга оширилади.
Стационар савдо нуқталаридан ташқарида сотувчи агентлар уйда, муассасаларда, ташкилотларда, корхоналарда, транспортда ёки кўчада буюртмаларни қабул қилиш орқали бўлғуси харидорлар билан ишлайди. Бунда сотувчи агентлар харид қилишга қизиқиш билдирмаган истеъмолчиларга ўз товарларини ўтказишга ҳаракат қилмасликлари, шунингдек истеъмолчининг биринчи талаби бўйича товарларни таклиф қилишни тўхтатишлари лозим.
Сотувчи агентлар буюртмаларни харидорлар билан бевосита мулоқот чоғида қабул қилади. Сотувчи агент буюртмани бланкларда икки нусхада расмийлаштиради, улардан бири харидорга берилади, дея хабар қилади UzDaily.
«Сотувчи агент бўлғуси харидорга товарларни таклиф қилаётганида, уни ишлаб чиқарган фирма, ишлаб чиқарилган мамлакат, сифат характеристикалари, бирор бир чекловлар ва эҳтимолий қўшимча тўловлар мавжудлиги тўғрисида батафсил маълумот беришга мажбур», — дея таъкидланади ҳужжатда.
Шунингдек, ҳужжатда тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали биофаол қўшимчаларни, дори воситаларини ва тиббий мақсадда ишлатиладиган буюмларни сотиш тақиқланиши кўрсатилган.
Сотувчи агентлар томонидан истеъмолчилардан тўловларни қабул қилиш фақат стационар савдо нуқталарида, фискал хотира ва тўлов терминаллари билан назорат-касса машиналаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Сотувчи агентлар сифатида 18 ёшдан кичкина бўлган ва ўрта махсус, касб-ҳунар билим юртларининг ўқувчиларини жалб этиш тақиқланади.
Тармоқли маркетингни амалга оширишда шартнома тузиш учун тармоқ агенти сотиб олиши лозим бўлган товарларнинг минимал миқдорини ўрнатиш ва аъзолик балади шаклида тўловларни олиш тақиқланади.
Ўзбекистон ҳукумати тегишли давлат органларига Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилган товарларни аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича ишларни кучайтиришни топширди.
Изоҳлар (0)
RSS ўгириш / айлантиришРўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.