Ҳам ўқиб, ҳам театрда ишлаб, шу ўртада бу машаққатли дубляж ишида иштирок этиш осон эмас эди, аммо астойдил ҳоҳиш, меҳнат, ғайрат ҳамроҳингиз бўлса, битмайдиган, бажарилмайдиган иш бўлмас экан… Биринчи бор 1945 йили Тошкент киностудиясида ишлаб турганимда, Муқимий театрининг директори Мамажон Раҳмонов (ҳозир йирик олим, санъатшунослик фанлари доктори, профессор) мени ҳузурига таклиф қилди. Орамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Раззоқжон, энди киночи бўлиб кетдингизми? Театрда шунча ишлаб, Наманган театридай йирик бир театрга 15 йил ҳаётингизни бағишлагандан кейин… Албатта, киноактёрлик – катта иш, аммо сиз режиссёр ҳамсиз-ку. Театрни соғинмадингизми?
– Соғиндим.
– Театрга келинг, кинога ҳам, керак бўлса, жавоб берамиз, роль чиққанда ўйнайверинг. Мен сизни режиссёр ва актёр сифатида таклиф қиляпман. Раҳбар ўртоқлар ҳам шу фикрда, нима дейсиз?
– Майли. Мана, Навоий съёмкаси охирлаб қолди, тугатай, кейин жоним билан…
(
Давомини ўқиш
)